Ўзбекистон-Афғонистон фармацевтика ҳамкорлиги янги босқичга ўтмоқда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Қобул шаҳрига хизмат сафари доирасида Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан расмий учрашув ўтказди. Учрашувда икки томонламa савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг фармацевтика маҳсулотлари юқори сифат ва рақобатбардошлиги билан ажралиб туради, бу эса икки давлат ўртасида фармацевтика савдосини 500 млн АҚШ долларига етказишни устувор вазифа сифатида белгилашга асос бўлгани таъкидланди.
Мазкур мақсадга эришиш учун қўшма оператив ишчи гуруҳ ташкил этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, Афғонистонда Good Distribution Practice (GDP) стандартлари асосида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек йирик дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди.
Томонлар техник ишчи гуруҳ тузиш, ахборот алмашувини фаоллаштириш ва яқин истиқболда икки томонлама ҳамкорлик бўйича шартномаларни расмийлаштириш зарурлигини ҳам қўшимча равишда қайд этишди. Бу ташаббуслар фармацевтика бозорида стратегик манфаатларни таъминлаш ва соҳадаги инвестицияларни кенгайтириш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Учрашув якунлари икки давлат фармацевтика саноатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мувофиқ тармоқларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.