Нилуфар Усмонованинг янги “777 07” қўшиғи мухлисларни ром этди (видео)
Машҳур хонанда Нилуфар Усмонова ўзининг янги таронасини мухлислар эътиборига ҳавола қилди. “777 07” номли қўшиқ 3 апрель куни YouTube платформасида премера қилинди.
Мазкур таронанинг сўз ва мусиқаси Абдул Малик Эргашовга тегишли бўлиб, клипда актёр Жамшид Бобожонов ҳамда хонанданинг ўзи рол ижро этган.
Қўшиқ мазмуни ўзига хос рамзий маънога эга. Ундаги ҳар бир рақам ортида яширин хотиралар, ҳар бир терилган сон ортида эса соғинч ва умид мужассам. Бу тарона — ўтмишга қайтиш, унутилмас лаҳзаларни ёдга олиш ва юрак тубида сақланиб қолган ҳис-туйғуларни ифодаловчи мусиқий ҳикоядир. Бу шунчаки рақамлар эмас, балки бир вақтлар бутун бошли оламни англатган сирли “код”лардир.
Нилуфар Усмонованинг майин ва қалбга яқин ижроси орқали бу туйғулар яна жонланади. Қўшиқни тинглар экансиз, гўё ўша унутилмас кунларга қайтиб, юракни ўртаган соғинч ва айтилмай қолган сўзларни яна бир бор ҳис қиласиз.
Эътиборлиси, қўшиқ YouTube'га жойланганидан сўнг қисқа вақт ичида катта қизиқиш уйғотди. Орадан бир кун ҳам ўтмай, видео қарийб 70 мингга яқин томоша йиғди ва мухлислар томонидан илиқ фикрлар билан кутиб олинди.
“777 07” — вақт ўтиши билан ҳам ўчмайдиган, қалбнинг бир чеккасида абадий яшаб қоладиган энг нозик ва айни пайтда оғриқли хотираларга бағишланган таронадир.