Ўзбекистонда операторлар оддий овозли тарифлар таклиф қилади
Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари учун фақат овозли қўнғироқ ва SMS хизматларини ўз ичига олган алоҳида тарифларни тақдим этиш мажбурий бўлиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳаси маълум қилди.
Лойиҳага кўра, мазкур талаб телекоммуникация соҳасидаги лицензия шартларига киритилиши режалаштирилмоқда. Яъни, операторлар интернет трафигига боғлиқ тарифлардан ташқари, оддий ва арзон овозли пакетларни ҳам фойдаланувчилар учун тақдим этишлари шарт бўлади.
Ҳозирги вақтда кўпчилик тарифлар интернетни ҳам ўз ичига олади, бу эса баъзи абонентлар учун ортиқча харажатлар келтириши ва уларнинг танлов имкониятларини чеклаши мумкин. Оддий овозли тарифлар эса фойдаланувчиларга танловда эркинлик ва молиявий тежамкорликни таъминлайди.
Лойиҳа доирасида яна бир муҳим янгилик сифатида тариф номларида ойлик тўлов миқдорига мос рақамлардан фойдаланиш тақиқланиши таклиф қилинмоқда. Бу абонентларнинг чалғитилишини олдини олиш ва тариф номи билан унинг аслидаги нархи ўртасидаги фарқни бартараф этиш мақсадида қилинмоқда.
Шу тариқа, янги қоида ишга кирганда, абонентлар учун оддий, тушунарли ва интернетсиз тарифлар ҳам имконият доирасидан ўрин олади, бу эса мобил алоқа хизматларини янада қулай ва шаффоф қилади.