Швецияда «Форвард» дарвозабони отишма пайтида ҳалок бўлди
Фoto: Champion.com
Швециянинг машҳур Aftonbladet нашри хабар беришича, «Форвард» клубининг 20 ёшли иқтидорли дарвозабони Хуго Моссхаген Эребру шаҳрида содир бўлган отишма пайтида ҳалок бўлди. Бу фожиали воқеа 21 март куни кечқурун шаҳар ғарбидаги автотураргоҳда юз берган.
Полицияга соат 23:26 да чақирув келиб тушган ва воқеа жойида бир эркак жароҳатланган ҳолда топилган, кейинчалик у вафот этган. Терговчилар бу ҳолатни оғир жиноят сифатида қайд этмоқда ва ҳозирча гумондорлар аниқланмаган.
Навбатчи офицер Петер Андерссоннинг таъкидлашича, тергов Моссхагеннинг жиноий гуруҳлар билан алоқаси йўқлигини тасдиқлаган. Воқеа қотиллик ва қурол қонунбузилиши сифатида баҳоланмоқда, аммо мотив ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Бир версияга кўра, бу бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкин — эҳтимолий нишон Хуго эмас, унинг атрофидаги бошқа шахс бўлган.
Ҳужум пайтида Моссхаген камида битта таниши билан бирга бўлган. У Швециянинг тўртинчи дивизионида иштирок этаётган «Форвард» клубининг асосий таркибида мунтазам майдонга тушиб келган иқтидорли дарвозабон эди. Мазкур ҳодиса нафақат жамоа, балки маҳаллий жамоатчилик учун ҳам катта шок ва қайғули хабар бўлди.