Невара қараган бобо-бувиларга ойлик тўлов ажратилади
Жанубий Кореяда оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ижтимоий дастур йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, бобо-бувилар ёки яқин қариндошлар невараларга қарагани учун ойлик тўлов олиш имкониятига эга бўлади.
The Independent нашри маълум қилишича, мазкур ташаббус болалар боғчаси ёки энага хизматларига муқобил сифатида жорий этилган. Яъни, агар оила аъзолари болага қараш масъулиятини ўз зиммасига олса, давлат томонидан молиявий рағбатлантириш амалга оширилади.
Хусусан, Жежу оролида ушбу дастур март ойидан бошлаб ишга туширилди. Шунга ўхшаш тизим Сеул шаҳрида эса 2023 йилдан буён амал қилиб келмоқда. Қоидаларга кўра, агар бобо, буви ёки бошқа қариндош ойига камида 40 соат болага қараса, улар тахминан 200 доллар миқдорида тўлов олади.
Мутахассислар фикрича, бу каби дастурлар мамлакатдаги демографик муаммоларни юмшатишга қаратилган. Чунки Жанубий Кореяда туғилиш даражаси жаҳондаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Шу тариқа, ҳукумат оилаларни рағбатлантириш орқали бола парваришини енгиллаштириш ва аҳоли сони камайишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.