Таиландда даҳшатли авария: ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлди
Таиланднинг машҳур сайёҳлик ҳудудларидан бири — Пхукет оролида юз берган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси бир оилани қайғуга солди. 18 март куни содир бўлган ушбу фожиа натижасида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна бир неча юртдошларимиз турли даражада жароҳат олди.
Дастлабки маълумотларга кўра, сайёҳларни Симилан ороллари томон олиб кетаётган микроавтобус йўлда аварияга учраган. Ҳайдовчи транспорт воситаси бошқарувини йўқотиб, машина йўл четидаги электр узатиш устунига келиб урилган.
Автобус ичида жами 12 нафар йўловчи бўлган. Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 04:00 атрофида содир бўлгани айтилмоқда. Фожиа оқибатида бир нафар ўзбекистонлик воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, тўрт нафар юртдошимиз жароҳат олиб, шифокорлар назоратига олинган.
Бундан ташқари, транспортда бўлган саккиз нафар Россия фуқароси ҳам тан жароҳатлари олган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Жабрланганларнинг барчаси яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига олиб борилган. Ҳозирда Таиланд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Илк тахминларга кўра, микроавтобус ҳайдовчиси олдинда ҳаракатланаётган юк машинаси кескин тормоз бергани сабабли вазиятни назоратдан чиқарган.