Ғолибаф: Ҳормуз бўғози энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди
Эрон расмийлари минтақадаги вазият тобора кескинлашиб бораётгани ҳақида навбатдаги кескин баёнот билан чиқди. Хусусан, Эрон Парламенти спикери Муҳаммад Багер Ғолибаф Ҳормуз бўғози тақдири бўйича муҳим фикрларни илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг, Ҳормуз бўғози аввалги тартибда фаолият юрита олмайди.
“Ҳормуз бўғози энди аввалгидек ишламайди. Бугун у амалда ёпиқ ҳолатда. Бу бизнинг режамизда йўқ эди, бироқ мавжуд шароит шу натижага олиб келди”, — деди Ғолибаф.
У шунингдек, мазкур стратегик йўлакнинг келажаги ҳақида ҳам кескин фикр билдириб, унинг аввалги ҳолатига қайтиши амримаҳол эканини таъкидлади.
“Ҳормуз бўғози ҳеч қачон аввалги ҳолатига қайтмайди. Чунки АҚШ ва сионист режим мавжуд бўлган шароитда бу ерда хавфсизликни таъминлаш мумкин эмас”, — дея қўшимча қилди у.
Таҳлилчилар фикрича, бу каби баёнотлар нафақат сиёсий сигнал, балки глобал энергетика бозорига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки Ҳормуз бўғози дунёдаги энг муҳим нефт транзит йўлларидан бири ҳисобланади.
Мутахассислар қайд этишича, агар мазкур йўлакда ҳаракатлар чекланса ёки тўлиқ тўхтатилса, бу жаҳон нефт нархларининг кескин ўзгаришига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, минтақадаги ҳар қандай ўзгариш халқаро иқтисодга ҳам бевосита таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.