Сунъий интеллект марказлари янги уйлар қурилишини тўхтатиши мумкин
Буюк Британия ҳукумати сунъий интеллект маълумотлар марказларига электр тармоғига уланишда устуворлик беришни режалаштирмоқда. Бироқ қурувчилар бу қарор янги уйлар қурилишига жиддий тўсқинлик қилиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда bbc.com хабар беради.
Ҳозирги кунда шифохоналардан тортиб саноат объектларигача бўлган барча янги инфратузилмалар электр энергиясига уланиш учун виртуал навбатга туриши керак. 2025 йилнинг биринчи ярмида бу навбат 460 фоизга ўсди. Бунга асосан жуда кўп энергия талаб қиладиган маълумотлар марказлари сабаб бўлмоқда. Натижада баъзи лойиҳалар ишга тушиш учун йиллаб кутишига тўғри келяпти.
Янги таклифларга кўра, иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишни ваъда қилган лойиҳалар навбатни четлаб ўтиши мумкин. Ҳукумат сунъий интеллект инфратузилмаси, электромобилларни қувватлаш станциялари каби муҳим лойиҳаларга шундай имкониятни бермоқчи. Сунъий интеллект бўйича вазир Канишка Нараян бу ислоҳотлар мамлакатни янада бой ва адолатли қилишига ишонишини таъкидлади.
Аммо Уй қурувчилар федерацияси янги уйлар устувор инфратузилмалар рўйхатига киритилмаганидан норози. Федерация вакили Стив Тёрнернинг айтишича, уй жой инқирози давом этаётган бир пайтда, энергия тежамкор оилавий уйлардан кўра кўп энергия сарфлайдиган маълумотлар марказларига афзаллик берилиши адолатсизликдир. Агар уйлар қурилишига эътибор қаратилмаса, электр қуввати чекланган ҳудудларда янги уйлар қурилиши бутунлай тўхтаб қолиши мумкин.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб 500 га яқин маълумотлар маркази мавжуд бўлиб, улар умумий электр энергиясининг 2 фоизини истеъмол қилади. Сунъий интеллектнинг ривожланиши билан бу кўрсаткич 2050 йилга бориб олти баробарга ошиши кутилмоқда. Лондоннинг баъзи ҳудудларида электр тармоғи ўзининг энг юқори чегарасига етгани сабабли янги уйлар қурилиши аллақачон вақтинчалик тўхтатилган.