Фирибгарлик ва порахўрлик билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан навбатдаги тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Хусусан, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида Давлат кадастрлари палатаси филиали муҳандиси ўз танишлари орқали фуқаронинг 2 сотих ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилган. У ушбу хизмати эвазига 2,5 минг AQSH долларини олаётган вақтида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори фермер хўжалигининг эгалик ҳуқуқини суд орқали тиклаб беришни ваъда қилиб, фуқародан 10 миллион сўм талаб қилган. У пул маблағларини олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирги кунда ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни бундай ноқонуний таклифларга алданиб қолмасликка ва коррупция ҳолатларига дуч келганда зудлик билан хабар беришга чақирмоқда.