Ароқчи: Эрон АҚШ босимига таслим бўлмайди
Аббос Ароқчи Эроннинг ички ишларига ҳеч ким аралаша олмаслигини қатъий таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, на АҚШ, на бошқа бирор давлат Эроннинг ички сиёсий жараёнларига, жумладан янги раҳбарни танлаш масаласига таъсир ўтказиши мумкин эмас.
Эрон ташқи ишлар вазири бир қатор муҳим баёнотлар билан ҳам чиқди. Унинг таъкидлашича, мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлган муддатгача ўзини ҳимоя қилишни давом эттиради. Шу билан бирга, у Вашингтон томонидан илгари сурилган “сўзсиз таслим бўлиш” талаби Теҳрон томонидан мутлақо рад этилишини билдирди.
Ароқчига кўра, Эрон АҚШ билан юзага келган можарога тўлиқ нуқта қўйилишини талаб қилмоқда. Агар бу амалга ошмаса, Теҳрон курашни давом эттиришга тайёрлигини билдирмоқда.
Вазир шунингдек, қизлар мактабига қилинган ҳужумда АҚШ иштирок этганига расмий Теҳрон ишонч билдирганини айтди.
Ароқчи яна бир масалага тўхталиб, Эрон Яқин Шарқдаги қўшни давлатларга ҳужум қилиш ниятида эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Теҳроннинг эҳтимолий жавоб зарбалари ушбу мамлакатларда жойлашган АҚШ ҳарбий кучлари ва базаларига қарши қаратилган бўлади.
Эрон ташқи ишлар вазири мамлакат ҳарбийлари ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
“Бизнинг ҳудудимизга бостириб кирган ҳар қандай душманга қарши жанг қилиш, уларни йўқ қилиш ва бартараф этишга тайёр бўлган жасур аскарларимиз бор. Бу яқин кунларда ҳам, келгуси йилларда ҳам, умуман ҳар доим шундай бўлиб қолади. Биз жасур халқмиз. Буюк цивилизацияга эгамиз. Минтақамизни минг йиллар давомида ҳимоя қилиб келганмиз ва зарур бўлса, бундан кейин ҳам шундай қиламиз.”
Ароқчи АҚШ телевидениесидаги чиқишларидан бирида Эрон АҚШ ва Исроил қўшинлари билан ер усти ёки ҳаво жангларидан қўрқмаслигини ҳам очиқ айтди.
Қизиғи шундаки, кўплаб сиёсий таҳлилчилар Эрон ташқи ишлар вазирининг шахсий жозибаси ва нутқ маҳоратига алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларнинг фикрича, унинг Америка телеканалларидаги ҳар бир чиқиши Доналд Трамп рейтингига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатмоқда.