Қироллик клуби Юрген Клопп номзодини жиддий кўриб чиқмоқда
Испаниянинг "Реал Мадрид" клуби бош мураббийлик лавозими учун асосий номзод сифатида Юрген Клоппни кўрмоқда. Sky Sports нашрининг хабар беришича, мадридликлар раҳбарияти германиялик мутахассиснинг иш услуби ва унинг жамоаларни узоқ муддатли муваффақият сари етаклаш қобилиятини юқори баҳолайди. Клуб мутасаддилари бир неча йилдан буён Клоппнинг фаолиятини диққат билан кузатиб келмоқда.
Ҳозирча томонлар ўртасида расмий музокаралар бошлангани йўқ. Шунга қарамай, агар Юрген Клопп катта футболга қайтишга қарор қилса, "Реал Мадрид" унинг учун энг жозибадор вариантлардан бири бўлиши кутилмоқда. Мутахассиснинг харизмаси ва тактик билимлари "қаймоқранглилар" фалсафасига мос келиши таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Юрген Клопп 2024 йил ёзида "Ливерпул" билан хайрлашган эди. Шундан сўнг у 2025 йил январ ойидан бошлаб "Ред Булл" тизимида фаолият юрита бошлади. Аввалроқ матбуотда Клоппнинг "Атлетико" билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди. Бироқ ҳозирги вазиятда "Реал Мадрид" варианти кўпроқ эътибор марказида турибди.