Гальярдо кўз ёш тўкди: Ҳеч ким «Ривер Плейт»дан кетмайди
Марсело Гальярдо мураббий сифатидаги сўнгги учрашувини «Банфилд»га қарши ўйинда ўтказди. Баҳсда «Ривер» 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кетма-кет уч мағлубиятдан иборат омадсиз серияга якун ясади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Айнан шу ёмон натижалар Гальярдонинг лавозимини тарк этишига сабаб бўлгани айтиламоқда, бироқ клуб унга чиройли хайрлашиш имконини берди. Ўйиндан кейинги манзара эса жуда таъсирли бўлди.
Мураббий кўз ёшларини яширмаган ҳолда мухлисларга мурожаат қилди: «Ҳаммангизга шунчаки раҳмат. Сизнинг муҳаббатингизни сўз билан ифодалаш қийин. Мен бутунлай кетмаяпман. «Ривер»дан ҳеч ким абадий кетмайди. Бу сеҳрли жой: кетсанг ҳам, барибир клуб билан қоласан», — деди Гальярдо.
Эслатиб ўтамиз, Марсело Гальярдо 90-йилларда «Ривер Плейт» сафида тўп сурган ва Аргентина терма жамоасида ҳам ўйнаган.