Футболда вақт чўзишга қарши янги тартиблар жорий этилади
2026/2027 йилги мавсумдан бошлаб футбол қоидаларига вақт чўзишни камайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилади. BBC хабарига кўра, атайлаб чўзиш ҳолатлари аниқланса, тўп рақиб жамоага берилади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Агар вақт чўзиш дарвозабоннинг дарвоза зарбасини бажариш жараёнида қайд этилса, қарши томонга бурчак тўпи тепиш ҳуқуқи тақдим этилади.
Яна бир муҳим янгилик: алмаштириш пайтида майдондан чиқаётган футболчига 10 сония берилади. У белгиланган вақтда чиқиб кетмаса, янги футболчи ўйинга 60 сонияга кечроқ қўшилади — натижада жамоа бир дақиқа давомида бир киши кам бўлиб ўйнайди.
Аввалроқ футболда яқин вақт ичида “Винисиус қоидаси” ҳам жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.