Туркияда ўйин пайтида футболчи чайқани қутқариб қолди
Туркияда бўлиб ўтган учрашувдан олинган видео ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. «Мевланакопи Гузелҳисар» ва «Истанбул Юрдум Спор» жамоалари ўйнаган баҳсда дарвозабон тўпни майдондон узоқлаштирмоқчи бўлади, бироқ у майдон устидан учиб ўтаётган чайқага тегиб кетади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Воқеадан сўнг ҳар икки жамоа футболчилари дарҳол қуш томон югуриб боришди. «Истанбул Юрдум Спор» сардори Гани Чатан тезда вазиятни англаб, чайқага билвосита юрак массажини қилишга киришди, кейин эса қушни майдон бўйидаги тиббий ходимларга топширди.
Туркиянинг AA портали хабарига кўра, чайқа тирик қолган. Қуш бир муддат уча олмаслиги айтилмоқда, аммо ветеринарлардан ёрдам олгач, аста-секин тикланиши кутилмоқда.