Арбелоа Мбаппе голлари бўйича муаммо кўрмаяпти
«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе жамоасининг сўнгги икки учрашувида гол ура олмади. Бироқ мадридликлар бош мураббийи Альваро Арбелоа бу ҳолатни муаммо деб ҳисобламаяпти. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Матбуот анжуманида Арбелоа Мбаппенинг майдондаги қарорлари аниқ ва пухта эканини таъкидлади. Унинг айтишича, француз футболчи қаерга ва қачон ҳаракатланишни яхши билади, жарима майдонида ҳам, ундан ташқарида ҳам самарали ўйнай олади. Мураббий Мбаппенинг майдондаги тушунчаси ва умумий статистикасини бу фикрга далил сифатида келтирди.
«Реал» навбатдаги ўйинини 25 февраль куни ўз майдонида Чемпионлар лигасида «Бенфика»га қарши ўтказади. Дастлабки баҳсда «қаймоқранглилар» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.