Компани Жексоннинг келажаги бўйича аниқ жавоб бермади
"Бавария" бош мураббийи Винсан Компани Николай Жексоннинг "Челси"дан тўлиқ сотиб олиниши масаласига изоҳ берди. Мутахассис мюнхенликлар ҳужумчининг шартномасидаги сотиб олиш бандини ишга туширадими, деган саволга ҳозирча қатъий жавоб йўқлигини айтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Компани матбуот анжуманида Жексоннинг жамоага мос келаётганини таъкидлади: "Николай биз билан ўйнаётганидан жуда мамнунмиз. Ёзги трансфер бўйича ҳар қандай қарор Николайнинг ўзи билан ҳам, клублар ўртасида ҳам муҳокама қилинади. Ҳозир бу саволга жавобим йўқ. Билганим — у биз билан эканидан хурсандмиз", — деди у.
Маълумот учун, "Бавария" Жексонни мавсум охиригача "Челси"дан 16 миллион евро эвазига ижарага олган. Футболчини сотиб олиш қиймати 65 миллион еврони ташкил қилади. Жорий мавсумда сенегаллик ҳужумчи мюнхенликлар сафида барча мусобақаларда 22 ўйинда майдонга тушиб, 5 гол урди ва 1 ассист қайд этди.