"Open budget" нинг биринчи мавсумига 21 минг лойиҳа тушди
Бугун, 21 февралдан “Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йилги биринчи мавсуми учун лойиҳа киритиш босқичи расман якунига етди. Бу ҳақда Молия ва иқтисодиёт вазирлиги маълум қилди.
Айтилишича, мазкур жараён 1 февраль куни старт олган ва 20 февралга қадар давом этган. Шу муддат ичида фуқаролар томонидан жами 21 049 та лойиҳа таклифи тақдим қилинган.
Энди эса жараённинг навбатдаги қадами — лойиҳаларни саралаб чиқиш ишлари бошланади. Ушбу босқич 21 февралдан 7 мартга қадар давом этиши белгиланган. Саралаш пайтида тақдим этилган ташаббусларнинг белгиланган мезон ва талабларга мослиги, шунингдек, амалга ошириш имконияти синчковлик билан ўрганилади.
Саралашдан муваффақиятли ўтган лойиҳалар кейинги босқич — овоз бериш жараёнига чиқарилади. Овоз бериш натижаларига кўра энг кўп қўллаб-қувватланган ташаббуслар молиялаштирилади ва амалиётга татбиқ этилади.
“Ташаббусли бюджет” дастури аҳоли фаоллигини кучайтириш, ҳудудлардаги муаммоларни бевосита фуқаролар иштирокида ҳал қилиш ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.