"Дзуд" туфайли 26 мингдан зиёд чорва ҳалок бўлди
Мўғулистонда “дзуд” (бу қаттиқ қишни англатувчи мўғулча атама бўлиб, унда ер музлаши ёки қор билан қопланиши туфайли кўп сонли чорва моллари очликдан ёки совуқдан нобуд бўлиши) деб аталадиган ўта аёзли қиш оқибатида 26 минг 300 дан ортиқ чорва моллари ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Central Asia” хабар берди.
Мамлакат Миллий статистика бошқармасининг 12 февраль куни тақдим этган маълумотларига кўра, Мўғулистонда “дзуд” номи билан машҳур ўта совуқ қиш январь ойида ғарбий вилоятларда, шунингдек, Марказий Оврхангай вилоятида 26 300 дан ортиқ чорва молларини қириб кетган. Мамлакатнинг 21 вилоятидан камида 11 таси “дзуд”дан жабрлангани қайд этилган.
Маълумот учун, чорвачилик Мўғулистон иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири бўлиб, мамлакат кўчманчи аҳолисининг қарийб 40 фоизи унга боғлиқ. Бироқ, қаттиқ ва узоқ қиш сабаб Мўғулистоннинг кўчманчи чорвадорларининг кўпчилиги ҳар йили чорва молларини йўқотади. Миллий статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йил охирига келиб, Мўғулистонда 58,1 миллион чорва моллари борлиги белгиланган.