Кубарси Алварес ва Бастони трансфери ҳақида фикр билдирди
«Барселона» марказий ҳимоячиси Пау Кубарси клубнинг Хулиан Алварес ҳамда Алессандро Бастонига қизиқиши юзасидан ўз фикрларини айтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мадриднинг «Атлетико»си ҳужумчиси Алварес ва «Интер» марказий ҳимоячиси Бастони «кўк-анорранглилар»нинг трансфер рўйхатида тилга олинмоқда. Бироқ каталонияликларнинг молиявий муаммолари сабаб бу футболчилардан камида бирини олиб келиш ҳам осон бўлмаслиги таъкидланмоқда.
«Алваресни олиб келиш? Хулиан — топ даражадаги футболчи, жаҳон классидаги ҳужумчи. Мен унга қарши ўйнаганман. У «Барселона» талаблари ва услубига мос келади, деб ўйлайман», — деди Кубарси.
Ҳимоячи Бастони ҳақида ҳам у илиқ фикр билдирди: «У ажойиб ҳимоячи. Мен унинг ўйинини бир неча бор кўрганман, барчамиз унинг нимага қодирлигини биламиз. Лекин ҳаммаси клубга боғлиқ», — дея Кубарси сўзларини келтиради Barca Universal.
Transfermarkt маълумотига кўра, Алвареснинг бозор нархи 100 млн евро, Бастониники эса 80 млн еврога баҳоланади.