Арбелоа Арда Гўлерни жамоа учун ноёб футболчи деб атади
Мадриднинг “Реал” жамоаси мураббийи Альваро Арбелоа ярим ҳимоячи Арда Гўлер ҳақида фикр билдириб, унинг майдондаги роли жамоага катта фойда бераётганини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
20 ёшли туркиялик футболчи сешанба куни Чемпионлар лигасида “Бенфика”га қарши учрашувда (1:0) 86 дақиқа ҳаракат қилиб, “қаймоқранглилар”нинг ғалабасига ҳисса қўшди.
“Арданинг сифатлари бизга жуда асқотади: у ярим ҳимоя билан ҳужумни боғлаб беради. У ўзига хос, ягона турдаги футболчи. Жамоа учун ниҳоятда муҳим, энди унинг ўзига ишончини янада мустаҳкамлаш устида ишлашимиз керак. Шундай ўйинлар унга ўсиш учун ёрдам беради. Мен Гўлердан фахрланаман”, — дея Арбелоанинг сўзларини келтиради Madrid Universal.
Жорий мавсумда Гўлер “Реал” сафида 37 ўйинда майдонга тушиб, 3 гол ва 12 ассист қайд этган.