Оилавий можаро: келин ва бола ижарадан ўз уйига қайтарилди
Бахмал туманида оддий оилавий келишмовчилик катта ҳуқуқий можарога айланди. Қайнона ва бошқа оила аъзоларининг эр-хотин муносабатларига аралашуви оқибатида келин ёш фарзанди билан уйни тарк этишга мажбур бўлган.
Натижада келин фарзанди билан квартирада ижарада яшай бошлаган. Қизиғи, куёв ҳам онасига қарши чиқа олмай, турмуш ўртоғи ва фарзанди билан бирга ижарада яшашга мажбур бўлган. Рўзғор харажатлари устига ижара тўлови оилага оғир ботган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, уй мулкдорининг оила аъзолари ва у билан доимий яшаган шахслар турар жойдан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга. Улар ўзларининг вояга етмаган фарзандларини ҳам ушбу уйга кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Ҳатто оилавий муносабатлар ёмонлашган тақдирда ҳам, уларнинг яшаш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Шу асосда келин судга мурожаат қилган. Суд қарорига кўра, унинг вояга етмаган фарзанди билан уйга мажбурий тартибда киритиш белгиланган.
Ижро ҳужжати Бюронинг Бахмал тумани бўлими иш юритувига келиб тушиб, давлат ижрочиси, маҳалла раиси ва масъул ходимлар иштирокида келин ва боланинг уйга мажбурий киритилиши таъминланди. Натижада ёш она ва боланинг қонуний яшаш ҳуқуқи тикланди.
Оилавий келишмовчилик қанчалик кучли бўлмасин, қонун устувор. Ҳеч кимни, айниқса болани, қонуний ҳуқуқи бўлган уйдан асоссиз чиқариб юбориш мумкин эмас.