Гвардиола Доннарумманинг мўъжизавий сейвини яна бир бор мақтади
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола навбатдаги матбуот анжуманида ҳам «Ливерпул»га қарши учрашувдаги энг катта бурилиш нуқталаридан бири бўлган эпизодга қайтди. Гап — дарвозабон Жанлуижи Доннарумманинг том маънодаги фантастик сейви ҳақида.
Пепнинг айтишича, ўйин вақтида эпизод жонли кўринишда шундай тез ва кутилмаган ривожланганки, у рикошетни кўрган заҳотиёқ ички ҳисси “мана, гол” деб қичқирган.
“Ўша пайтда тўп рикошетдан кейин йўналишини ўзгартирганини кўрдим ва ичимдан гол деб ўйладим. Аммо баъзан омад ҳам сен томонга оғади. Ота-онанг сени шунчалик бақувват, катта қилиб улғайтирган бўлса, ана шундай қутқарувни амалга ошира оласан. Ҳа, бу сейвда бўйи баландлиги катта роль ўйнади. Лекин Жижининг сакрашдаги тезлиги ва куч-қуввати ҳам ақл бовар қилмас даражада эди. Бу чиндан ҳам юқори даражадаги сейв”, — дея таъкидлади Гвардиола журналистлар билан суҳбатда.
Ростдан ҳам, Доннарумманинг ўша ҳаракати «Сити» учун нафақат бир зарбани қайтариш, балки бутун учрашувдаги руҳий устунликни сақлаб қолишга хизмат қилди. Мана шундай лаҳзаларда дарвозабон оддий позиция футболчиси эмас, балки жамоанинг “суянчиғи”га айланади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувда «Манчестер Сити» меҳмонда «Ливерпул»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, иродали ғалабага эришган эди. Энди “шаҳарликлар” навбатдаги синовни ўз майдонида ўтказади — рақиб «Фулҳэм».
Гвардиола жамоаси олдиндаги баҳсга тўлиқ диққатни қаратган бўлса-да, «Энфилд»даги ўша сейв ҳақида қайта-қайта гап кетиши табиий. Чунки бундай қутқарувлар — мавсум охирида чемпионлик ва медаллар масаласини ҳал қилиб бериши мумкин бўлган “олтин лаҳзалар”дан бири ҳисобланади.