Погребняк Собослаининг жарима зарбасини космик гол деб атади
Санкт-Петербургнинг “Зенит” клуби собиқ футболчиси Павел Погребняк Англия чемпионатида кеча бўлиб ўтган “Ливерпул” – “Манчестер Сити” учрашувида ярим ҳимоячи Доминик Собослаининг голи ҳақида фикр билдирди. Венгриялик футболчи жарима зарбасидан аниқ тепиб “шаҳарликлар” дарвозасини ишғол қилди, бироқ унинг жамоаси 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
“Собослаидан космик гол. Лекин бу тўп менга ниманидир эслатяпти… Ўйлашимча, у ўша машҳур гол таъсирида қолган”, — деб ёзди Погребняк ижтимоий тармоқларда.
Погребняк Собослаининг зарбасини ўзи “Зенит” сафида Москванинг “Спартак”ига қарши ўйинда урган жарима зарбасидан киритилган узоқ масофали голи билан қиёслади. Ўша учрашув 2009 йил баҳорида бўлиб ўтган эди.