Швейцария терма жамоаси ҳужумчисининг автомобилини ўғирлашмоқчи бўлишди
«Ренн» ва Швейцария терма жамоаси марказий ҳужумчиси Брель Эмболо ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди. Le Parisien хабарига кўра, номаълум шахслар яқинда унинг автомобилини олиб қочишга уринган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Манбага кўра, 7 февраль куни ўғрилар Эмболонинг қиймати бир неча юз минг еврога баҳоланаётган машинасини ўғирлашга ҳаракат қилган, бироқ режа амалга ошмаган. Футболчи полицияга бундан тўрт кун аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганини билдирган.
Жорий мавсумда 28 ёшли ҳужумчи барча мусобақаларда 21 та учрашувда майдонга тушди. Унинг ҳисобида 7 та гол ва 2 та голли узатма бор.