Внуководаги қалбаки чипталар схемаси фош этилди: ўзбекистонликлар ҳам жабрланган
Москва шаҳридаги Внуково халқаро аэропортида бир неча йиллар давомида амал қилиб келган ноқонуний авиачипта савдоси билан боғлиқ фирибгарлик схемаси очиб берилди. Маълум бўлишича, 2014 йилдан буён аэропорт ҳудудидаги қалбаки касса орқали расмий тизимларда қайд этилмаган авиачипталар сотиб келинган. Натижада хорижий фуқаролар, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия фуқаролари ҳам жабр кўрган. Бу ҳақда MK.RU нашри хабар қилди.
Тергов органлари маълумотларига кўра, кассир мижозлардан пул қабул қилиб, ҳақиқий рейслар учун расмий ахборот базаларига киритилмаган ҳужжатларни бериб келган. Айрим ҳолларда эса тушган маблағлар вақтинча бошқа эҳтиёжларга сарфланиб, кейинчалик ҳақиқий чипталар қайта харид қилинган. Шу тарзда фирибгарлик узоқ вақт давомида фош этилмай қолган.
Бироқ кейинги даврда ушбу схема издан чиққан ва 20 нафардан ортиқ мижоз ҳам пулидан, ҳам авиачиптасидан маҳрум бўлган. Жабрланганлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилганидан сўнг жиноий ҳолат очиқланган.
Москва шаҳри Солнцевский туман суди мазкур иш бўйича айбланувчини айбдор деб топиб, унга 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Мутахассислар эса фуқароларга авиачипталарни фақат расмий кассалар, авиакомпанияларнинг расмий сайтлари ёки ишончли онлайн платформалар орқали сотиб олишни тавсия қилмоқда. Акс ҳолда фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш хавфи юқори экани қайд этилмоқда.