Нилуфар ва Жамшиднинг “Содда” дуети қалбларни ром этди (аудио)
Аввал хабар берганимиздек, Нилуфар Усмонова ва Жамшид Бобожонов ижросидаги “Содда” номли янги тарона 27 январ куни YouTube платформасида премьера қилинган эди. Айни пайтда ушбу қўшиқни тўлиқ тинглаш мумкин.
Мазкур таронанинг сўзлари ва мусиқаси муаллифи — Элдор Қаюмов. Асарда баъзан энг катта бахт энг оддий ва самимий туйғуларда яширингани куйланади. Қўшиқ икки қалб ўртасидаги меҳр, соғинч ва самимий туйғуларни тараннум этади.
Нилуфар Усмонова ва Жамшид Бобожоновнинг ёқимли ҳамда бир-бирига уйғун овозлари композицияга ўзгача жозиба бағишлаган. “Содда” шунчаки қўшиқ эмас, балки бир-бирини севган икки юракнинг самимий дил изҳоридир.
Тарона жаранг сочар экан, тингловчи ҳаётнинг гўзаллиги унинг соддалигида эканини ҳис этади ва қалби ором топади. Ушбу дует эса сизни ёрқин ва беғубор хотиралар сари етаклайди.
Қисқа вақт ичида “Содда” таронаси қарийб 6 мингга яқин тингланиб, 100 дан ортиқ самимий ва илиқ изоҳларга сабаб бўлди.