Бухорода автобуслар босқичма-босқич тўлиқ нақд пулсиз тўлов тизимга ўтади
Бухорода автобусларда йўл кира ҳақини тўлаш тартиби ўзгаради. 2026 йил 1 февралдан 7 та автобус йўналишида, 1 апрелдан эса қолган мавжуд йўналишларда ҳам нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилади. Янги тартибга кўра, тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Бу бўйича вилоят ҳокими тегишли қарорни имзолаган. Ҳужжатга мувофиқ, Бухоро шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда шаҳар бўйлаб автобус бекатларига электрон чипта сотишга мўлжалланган, ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган автоматлаштирилган инфокиоскларни босқичма-босқич ўрнатиш чораларини кўриши лозим.
Шунингдек, Бухоро вилояти транспорт бошқармаси шаҳардаги барча йўналишларда қатновчи автобусларнинг валидаторлар билан жиҳозланишини таъминлайди. Йўл ҳақи АТТО автоматлаштирилган тўлов тизими орқали тўланиши доимий назоратга олиниши белгиланган.