Арне Слот "Борнмут"дан учралган аламли мағлубият ҳақида нималар деди?
АПЛ доирасидаги «Борнмут» — «Ливерпул» (3:2) учрашуви атрофидаги энг катта баҳслардан бири иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақт билан боғлиқ бўлди. «Қизиллар» бош мураббийи Арне Слот бош ҳакам Майкл Солсбери томонидан атиги 4 дақиқа қўшиб берилганидан норози эканини яширмади.
Эътиборлиси, мерсисайдликлар ҳал қилувчи голни айнан қўшиб берилган вақтнинг 5-дақиқасида ўтказиб юборишди. Шу сабаб, ўйиндан кейин журналистлар Слотдан ҳакам билан нималар ҳақида суҳбатлашганини сўрашди ва голландиялик мутахассис бу борада очиқ гапирди.
Слотнинг таъкидлашича, аввало айбни бошқадан эмас, ўзларидан излаш керак. Унинг фикрига кўра, учрашувнинг сўнгги 10 дақиқаси давомида рақиб «Ливерпул»га нисбатан кўпроқ хавфли вазиятлар яратган. Якунда эса жамоа оддий кўринган эпизод — аутдан тўп ташлашдан кейин гол ўтказиб юборди.
Шу билан бирга, мураббий қўшимча вақт масаласида ўз позициясини қатъий билдирди:
“Менимча, бу каби баҳсга 4 дақиқа жуда кам. Лекин натижада бу ҳам аҳамиятини йўқотиб қолди, чунки ҳал қилувчи голни рақиб урди. Агар қўшимча вақт кўпроқ бўлганида, бизда яна 2–3 дақиқа имконият пайдо бўларди. Бундай ўйинда атиги тўрт дақиқа қўшилиши тўғри эмас. Бир жарима зарбасининг ўзига ҳам икки-уч дақиқа кетди, ВАР текширувлари бўлди, алмаштиришлар ҳам ўтди. Ҳакамларга айтганим шу: 4 дақиқа — кам,” — деди Слот.
Қисқаси, «Ливерпул» устози мағлубиятни фақат вақтга боғлаб қўймади, аммо ўйин суръати, тўхталишлар ва ВАР аралашувлари ҳисобга олинса, қўшимча дақиқалар кўпроқ бўлиши керак эди, деган фикрда қолди.