Нукусга 24 млрд сўмлик электробуслар: биринчи партия етиб келди
Нукус шаҳрида жамоат транспортини замонавийлаштириш ва аҳолига хизмат сифатини ошириш мақсадида Хитойдан илк электробуслар олиб келинди. Маълум қилинишича, 24 млрд сўм маблағ ҳисобидан жами 12 дона электробус шаҳарга етказиб берилган.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Нукус шаҳрига умумий ҳисобда 200 дона автобус олиб келиш режалаштирилган. Ҳозирда корхоналар томонидан ушбу махсус автотранспортларни босқичма-босқич келтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, “Sapsan Trans Nukus” корхонаси ҳам шаҳар транспорт инфратузилмасини кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Корхона Нукусда 200 та автобус сиғимига эга автобус парки қуриш ишларини амалга ошираётгани айтилмоқда.
Умуман олганда, электробусларнинг келиши Нукусда экологик тоза транспорт улушини ошириб, қатновларни тартибга солиш ва йўловчилар учун қулайликни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.