Ҳанс Зиммер “Гарри Поттер” сериали учун мусиқа ёзади
Машҳур композитор Ҳанс Зиммер ва унинг Bleeding Fingers Music студияси HBO томонидан суратга олинаётган Гарри Поттер сериали учун саундтрек яратади. Бу ҳақда Variety нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, янги саундтрек “Гарри Поттер” франшизасининг мусиқий анъаналарини сақлаб қолган ҳолда, уни кенг кўламли сериал формати учун қайта талқин этади. Ҳанс Зиммернинг айтишича, лойиҳа катта масъулият талаб қилади ва жамоа бу вазифани чуқур англаб иш олиб бормоқда.
“Сеҳр ҳамма жойда мавжуд, лекин уни кўра билиш керак. Гарри Поттер дунёсидаги каби сеҳрни ҳис қилиш учун мусиқа томошабинни шу оламга яқинлаштириши лозим”, — дейди Зиммер.
Аввалроқ “Гарри Поттер” фильмлари учун мусиқани Жон Уилямс, Патрик Дойл, Николас Хупер ва Александр Деспла каби таниқли бастакорлар ёзган эди.
Зиммернинг сўнгги йирик ишлари қаторида “F1” филми саундтреки бор бўлиб, у ушбу иши учун Оскар мукофотига номзодлар рўйхатига киритилган. Шунингдек, яқин орада унинг мусиқаси янграйдиган “Эйфория” сериалининг янги мавсуми ва “Дюна” фильмининг учинчи қисми ҳам премьера қилинади.