Бойлик ичида яшаган энг хасис аёл тақдири қандай кечган?
Бугун Генриэтта “Гетти” Гриннинг ҳаёти афсонага ўхшайди: миллиардлаб бойликка эга бўла туриб, у овқат, кийим-кечак ва ҳатто фарзандининг даволанишида ҳам ҳаддан ташқари тежамкорлик қилган. Уолл Стритда молия дунёси вакилларини даҳшатга солган сармоядор, бир вақтнинг ўзида арзон меҳмонхоналарда яшаган, йиллар давомида бир хил либос кийган аёл эди. Бежизга уни “Уолл Стрит жодугари” деб аташмаган.
Гетти Гриннинг ҳаёти фақат очкўзлик ҳақида эмас, балки пул ҳокимият деб билинган, тежамкорлик эса фазилат саналган давр манзарасидир. У пул топишни мукаммал билган, аммо уни сарфлашни ҳеч қачон ўрганмаган.
Генриэтта Ҳоуленд 1834 йилда Нью-Бедфордда, кит овлаш марказида туғилган. Оиласи ўзига тўқ бўлиб, уни қаттиққўл бобоси тарбиялаган. Камтарлик ва ўзини чеклаш унинг болалигидан ҳаёт қоидасига айланган. Етти ёшидаёқ у молиявий янгиликларни ўқиб, акция ва облигацияларни фарқлай олган.
1865 йилда отаси вафот этгач, Гетти тахминан 7,5 миллион доллар меросга эга чиқади. Бироқ бу бойлик уни сахий қилмади, аксинча, хасислигини янада кучайтирди. У фақат уйида тайёрланган таомларни ерар, арзон усуллар билан даволанишга ишонар, пул сарфлашдан қаттиқ қочарди. Шу билан бирга, у темир йўллар, ер ва кўчмас мулкка сармоя киритиб, ўз даврининг энг қаттиққўл судхўрларидан бири сифатида танилди.
32 ёшида Эдвард Гринга турмушга чиқди, аммо бу никоҳ муҳаббатдан кўра ҳисоб-китобга асосланган эди. Никоҳ шартномасида эри унинг бойлигига даъвогар бўлолмаслиги аниқ ёзилган эди. Эдвард банкрот бўлгач, Гетти унга ёрдам бериш ўрнига уйдан ҳайдаб чиқаради.
Икки фарзанди — Нед ва Силвия — энг кўп хасислик жабрини кўрди. Ўғли Неднинг оёғи жароҳатланганда, Гетти даволаш учун пул тўлашдан бош тортиб, бепул шифохоналарни қидирган. Оқибатда вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабаб оёқни кесиб ташлашга тўғри келган.
Геттининг ташқи кўриниши ҳам афсонага айланади: қора кийим, совуқ нигоҳ ва қаттиқ қиёфа. У ўзини ҳимоя қилиш учун қурол олиб юрар, ҳар бир цент учун тортишар, ҳатто ўқилган газеталарни қайта сотишга боласини юборарди.
1916 йилда, 81 ёшида Гетти Грин юрак хуружидан вафот этади. Унинг бойлиги ўша пайтда 200 миллион долларга баҳоланган, бугунги ҳисобда эса тахминан 4 миллиард долларга тенг.
Бойлик ўғли Недга қолади, у эса пулларни тез сарфлаб юборади. Қизи Силвия эса қолган меросни хайрия ишларига йўналтиради. Шундай қилиб, “жодугар” жамғарган пуллар мактаблар, шифохоналар ва кутубхоналарга хизмат қилади.
Гетти Грин тарихда молиявий даҳо ва хасислик тимсоли сифатида қолди. Унинг ҳаёти бир ҳақиқатни исботлади: пул қудрат бериши мумкин, аммо инсонийликни сотиб олиб бўлмайди.