Сурхондарёда 11-синф мактаб ўқувчиси 9-синф қизни зўрлади
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги мактаб билан боғлиқ оғир ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, ҳозирда мазкур воқеа ваколатли органлар томонидан ўрганилмоқда.
УзNews нашри хабарига кўра, Денов туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олувчи 11-синф ўқувчиси Б.С. ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Н.Ш.га нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумон қилинмоқда.
Бошқарма ахборотига кўра, ҳолат бир неча ой аввал мактаб ҳудудидан ташқарида, шунингдек ўқув жараёнидан ташқари вақтда юз берган. Воқеа тафсилотлари мактаб маъмурияти томонидан ўрганилиб, ота-оналар иштирокида муҳокама қилинган ва ички ишлар органларига расман етказилган.
Расмий ахборотда қайд этилишича, “текширув жараёнида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати, шунингдек, уларнинг руҳий ҳолатини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган”. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан мактаб маъмурияти мутасадди идоралар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрмоқда.