Устюрт платосида газнинг янги оқими аниқланди
Устюрт платосидаги машҳур «Мўйноқ» кони ҳудудида Шагирлик-қуйи юра №2 қидирув қудуғида табиий газнинг янги оқими қайд этилди. Бу ҳақда «UzA» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, геологлар тахминан 5 минг метр чуқурликда газга бой қаватларни аниқлашди. Қудуқдаги бурғилаш ишлари 2026 йил 10 январ куни муваффақиятли якунланган.
Лойиҳа доирасидаги геология-қидирув ва бурғилаш ишларини «Uzbekgeofizika» АЖ ҳамда Нефт ва газ конларини геология ва қидирув давлат институти ҳамкорликда амалга оширмоқда. Мутахассислар бу топилманинг минтақадаги углеводород ресурсларини ўзлаштириш истиқболларини сезиларли даражада кенгайтиришини таъкидлади.
Шунингдек, режага кўра, яқин вақт ичида яна икки қидирув қудуғи — №3 ва №4 ҳам бурғилаш ишларига киришади. Бу эса Ўзбекистоннинг энергетика салоҳиятини янада мустаҳкамлайди ва ички эҳтиёжни қоплаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.
Қисқаси, «Мўйноқ» конларидаги янги топилмалар нафақат иқтисодий истиқболни яхшилайди, балки Ўзбекистоннинг глобал газ бозоридаги нуфузини оширишга хизмат қилади. Муттахассислар фикрига кўра, бу тармоқда янада самарали ва барқарор ривожланиш учун имкониятлар кенг.