Ўзбекистонга қиш қайтмоқда: яқин кунларда қор ёғиши мумкин
“Ўзгидромет” 18 январгача бўлган об-ҳаво прогнози билан ўртоқлашди. Унга кўра, ҳафтанинг иккинчи ярмида республика бўйлаб об-ҳаво кескин ўзгариб, айрим ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши эҳтимоли бор. Айниқса, тунги ҳарорат пасайиши ва туманли кунлар кўпайиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳафтанинг катта қисмида ҳаво ўзгарувчан бўлади. 15–17 январь кунлари айрим жойларда ёмғир ёки қор ёғиши мумкин. Туман кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Тунлари ҳаво ҳарорати аста-секин совиб, 17–18 январь кунларига келиб 2–7 даража совуққача тушади. Кундузги ҳарорат эса илиқдан салқинга қараб ўзгаради.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам об-ҳаво барқарор эмас. 15–17 январь кунлари айрим ҳудудларда ёғингарчилик қайд этилиши мумкин. Тунлари ҳарорат мусбат кўрсаткичлардан манфийга тушса, кундузи эса 2–7 даража илиқ атрофида сақланиши кутилмоқда.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳафтанинг боши нисбатан илиқ ўтади. Аммо 15 январдан кейин ҳаво совий бошлаб, 16–17 январь кунлари айрим жойларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин. Туманли саҳарлар ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 16–17 январь кунлари қисқа муддатли ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Бу ҳудудларда кундузи ҳаво 5–10 даража илиққача пасайиши кутилмоқда.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам ҳафтанинг иккинчи ярмида об-ҳаво ўзгариб, айрим жойларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин. Кундузги ҳарорат 2–7 даража илиқ атрофида бўлади.
Тоғли ҳудудларда эса ҳаво янада салқинлашади. 12, 16–17 январь кунлари ёғингарчилик эҳтимоли бор. Тунлари ҳарорат 7 даража совуққача тушиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, январь ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳарорат босқичма-босқич пасайиб боради. Учинчи ўн кунликда эса айрим шимолий ҳудудларда тунги совуқ 15–20 даражагача етиши мумкин. Шу боис, яқин кунларда қишки об-ҳавога тайёр туриш тавсия этилади.