Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи тарихий максимумни янгилади
12-январ куни Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуймаси нархи 9 миллион сўмга етиб, рекорд кўрсаткич қайд этилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Марказий банк маълумотига кўра, 1 грамм олтин 1,8 миллион сўмга баҳоланган, 10 граммли қуйманинг қиймати эса 18 миллион сўмни ташкил қилган.
Олтин нархининг кўтарилиши жаҳон бозорларидаги ўсиш билан изоҳланмоқда. COMEX (Нью-Йорк товар биржаси) савдоларида олтиннинг бир трой унсияси 4,5 минг долларга баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил ноябрида Ўзбекистон дунёдаги энг йирик учта олтин харидори қаторидан жой олганди. Ўшанда Марказий банк бир ой ичида 10 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган.