АҚШ босими остида Дания: Гренландия қўлдан чиқяптими?
Дания Гренландия билан боғлиқ мураккаб сиёсий ва дипломатик вазиятга дуч келмоқда. АҚШ томонидан ушбу ҳудудга бўлган қизиқиш кучайиб борар экан, Копенгаген 1979-йилдан буён кенг автономияга эга бўлган ва мустақиллик сари ҳаракатланаётган Гренландияни халқаро майдонда ҳимоя қилишга мажбур бўляпти.
Гренландия Арктика минтақасида муҳим жойлашувга эга бўлиб, Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги стратегик ҳудуд саналади. Бу ерда АҚШнинг мудофаа тизими жойлашган, шунингдек, ҳудуд фойдали қазилмаларга бойлиги билан ҳам эътиборни тортмоқда. Шу сабабли Гренландия масаласи Дания учун нафақат ҳудудий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эга.
Шу билан бирга, Гренландия аҳолиси ва сиёсий кучлари мустақилликни ўз келажаги сифатида кўрмоқда. 2009-йилда қабул қилинган келишув Гренландияга мустақил бўлиш ҳуқуқини расман тан олган. Сўнгги воқеалар ва ташқи босимлар эса ушбу жараённи тезлаштираётгани қайд этилмоқда. Натижада Дания узоқ муддатли натижаси ноаниқ бўлган муносабатларга катта сиёсий ва молиявий ресурслар сарфламоқда.
Дания Гренландияни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили катта маблағ ажратади, шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик харажатларини ҳам ўз зиммасига олган. Расмийлар бу муносабатларни тарихий, маданий ва ахлоқий масъулият сифатида баҳоламоқда. Бироқ ҳозирги вазият Дания учун мураккаб мувозанатни талаб қилмоқда: бир томондан халқаро ҳуқуқ ва иттифоқчилар олдидаги мажбуриятлар, иккинчи томондан эса Гренландия халқининг мустақил танловига ҳурмат масаласи турибди.