Ўзбекистон олимлари сув-ҳавони тозалайдиган қурилма яратди
Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан биологик асосда олинган кўп қатламли графен яратилди. Шунингдек, айнан шу материал асосида сувни тозалашга мўлжалланган Water-Тоl номли фильтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси ҳам ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда графен, углерод нанотрубкалари, фуллеренлар ва графен оксиди каби углерод асосидаги материаллар кенг тадқиқ этилмоқда. Улар мустаҳкам ва ўзига хос физик-кимёвий хусусиятларга эга бўлса-да, айрим ҳолларда ишлаб чиқаришда заҳарли моддалар қўлланилгани сабабли тиббиётда қўллаш чекланган.
Фанлар академияси олимлари яратган кўп қатламли графен эса биологик жиҳатдан хавфсиз ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, ушбу нанокарбон материали инсон тўқималарига салбий таъсир кўрсатмайди, яра битишини тезлаштиради, ҳамда бактерия, вирус ва замбуруғларга қарши фаолликка эга. Шунингдек, ҳужайра ва тўқималарнинг тикланишини рағбатлантириши аниқланган.
Мутахассислар бу материални инсон организми билан мос келувчи, яъни биомос янги авлод материали сифатида баҳоламоқда. У тиббиётда яраларни даволаш ва антибактериал қопламаларда, фармацевтикада дори ташувчи сифатида, саноатда эса мустаҳкам ва чидамли материаллар тайёрлашда қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, мазкур кўп қатламли графен сув ва ҳавони тозалаш, зарарли моддалар ва радионуклидларни ютиб олишда ҳам юқори самарадорликка эга экани қайд этилмоқда. Олимлар таъкидлашича, у графен оксидидан фарқли равишда таркибида кислородли гуруҳларни сақламайди, шу боис тиббиёт ва экология учун хавфсиз ҳамда истиқболли инновацион материаллар қаторига киритилмоқда.