-14°C гача совуқ: Испанияда қизил огоҳлантириш нимани англатади?
Испанияда кучли қор ёғиши ва совуқ ҳаво тўлқини транспорт ҳаракатини деярли фалаж қилди. Мамлакат бўйлаб 40 та йўлда қатнов вақтинча тўхтатилди, оғир юк машиналари ва автобуслар ҳаракати эса чеклаб қўйилди.
EFE хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво сабаб саккизта магистралнинг айрим қисмлари ҳануз ёпиқ. Шунингдек, Леон ва Асторга атрофидаги миллий йўлларда ҳам чекловлар сақланиб қолган.
Энг оғир вазият Гвадалахара (Кастиля-Ла-Манча) провинциясида кузатилмоқда: кескин совуқ туфайли “қизил” огоҳлантириш эълон қилиниб, минимал ҳарорат -14°C гача тушиши кутилмоқда. Паст ҳудудларда қор ёғиши сабаб яна бешта шаҳарга “сариқ” огоҳлантириш берилган.