Тошкентда туннелда аёлга беҳаё ҳаракатлар қилган эркак ушланди
Тошкент шаҳридаги Фарҳод бозори яқинидаги туннелда бир эркак аёлга нисбатан беҳаё ҳаракатлар қилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳолат жамоатчилик ўртасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, 6 январь куни тахминан соат 18:50 ларда Учтепа туманидаги Лутфий кўчасида 1996 йилда туғилган Л.Қ. исмли аёлга нисбатан беҳаё ҳаракатлар қилган эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Тезкор чоралар натижасида унинг шахси аниқланди. У 1993 йилда туғилган В.Андрей бўлиб, ички ишлар органлари томонидан қўлга олинди. Ҳозирда Учтепа тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади.
Агар мазкур шахс бошқа фуқароларга ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар қилган бўлса, жабр кўрганлардан 71-231-95-20 ёки 102 рақамларига мурожаат қилиш сўралмоқда.