Ўзбекистонда темирйўл вагон паркини янгилашга 143 млн доллар йўналтирилади
Ўзбекистонда темирйўл ҳаракат таркибини модернизация қилиш учун 143 млн доллар миқдорида кредит ажратилади. Президент қарорига кўра, маблағларни Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Ўзбекистон темир йўллари» корхонасига тақдим этади. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ажратиладиган ресурслар кейинги тўрт йил давомида 200 та вагонни янгилашга йўналтирилади. Кредит 10 йил муддатга берилиб, 3 йиллик имтиёзли давр назарда тутилган.
Янги локомотивларни харид қилиш дастури доирасида 2 та тепловоз ва 10 та электровоз импорт божларидан озод қилинади. Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари»нинг шўъба корхоналари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича 120 кунлик кечиктириш берилиши кўзда тутилган.
Қарорда юк пойездларининг ўртача тезлигини 30 км/соатдан 50 км/соатгача ошириш ташаббуси ҳам белгиланган. Бу юкларни етказиб бериш муддатини қисқартириш ва логистика жараёнларида вақт тежалишига хизмат қилиши кутилмоқда.