«Астон Вилла» чемпионлик пойгасида қанчалик реал даъвогар
Англия Премьер-лигасининг жорий мавсумида аллақачон йўлнинг ярмидан кўпи ортда қолди ва энг катта кашфиётлардан бири ҳануз «Астон Вилла» бўлиб турибди. Материал тайёрланаётган пайтда Унаи Эмери жамоаси турнир жадвалида учинчи ўринда, пешқадам «Арсенал»дан олти очко ортда бормоқда. «Астон Вилла» ҳақиқатан ҳам чемпионлик учун кураша оладими — шу савол атрофида мулоҳаза юритамиз. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Унаи Эмери «Астон Вилла» бошқарувини 2022 йил ноябрида қўлга олган. Унгача бирмингемликлар 15 йил давомида Европа Лигаси саҳнасида кўринмаганди, Чемпионлар Лигасида эса 41 йилдан бери қатнашмаган эди. Ҳозир эса клуб кетма-кет учинчи мавсум еврокубокларда ўйнамоқда. 2025 йил баҳорида инглизлар Чемпионлар Лигаси чорак финалигача етиб борди: ҳатто турнирнинг кейинги ғолибини бир ўйинда ютшага ҳам эришди, бироқ икки учрашув натижасида тўплар фарқи бўйича имкониятни бой берди. Эмери тизимли мураббий: натижа учун унга вақт ва раҳбариятнинг тўлиқ ишончи керак. Эҳтимол, «Арсенал» ва ПСЖдаги ишларининг кутилганидек чиқмагани ҳам шундан, Бирмингемда эса ҳаммаси изига тушди.
Премьер-лиганинг янги мавсуми «Астон Вилла» учун оғир старт олди — дастлабки беш турда бирор марта ҳам ғалаба қозонилмади. Ҳатто Эмерининг истеъфоси ҳақида гаплар ҳам чиққан, аммо вақт ўтиши билан вазият барқарорлашди ва жамоа кескин равишда ютишни бошлади. «Шерлар» сўнгги бор сентябрда дуранг ўйнаган, шундан бери 21 учрашувнинг 18 тасида ғалаба қозонди — ажойиб кўрсаткич. «Арсенал»га қарши 1:4 ҳисобидаги мағлубиятгача Эмери жамоаси 11 ўйинлик ғалабалар сериясида кетаётганди, бироқ йирик ҳисобдаги ютқазиш ҳам футболчиларнинг руҳиятини синдирмади: ўтган шанба «Ноттингем Форест» устидан 3:1 ҳисобида ишончли ғалаба қайд этилди.
Энди чемпионлик пойгасидаги имкониятларга ўтамиз. Кучли «Арсенал» ва ниҳоят ўз ритмини топган «Манчестер Сити» фонида бирмингемликларнинг нафаси унчалик кенг кўринмаслиги мумкин. Аммо бу мавсум «Астон Вилла» аввалгиларидан фарқли ўлароқ нафақат ўртамийона ва аутсайдерларга қарши, балки грандлар билан ўйинларда ҳам ўзини дадил тутишни ўрганди. Биринчи даврада жамоа «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»ни мағлуб этди. Яъни катта олтиликдан беш рақиб енгилди, фақат «Ливерпул»га ютқазилди.
Шу билан бирга, чемпионлик пойгасида ҳал қилувчи омил таркиб чуқурлиги бўлиши мумкин. «Арсенал» ҳам, «Манчестер Сити» ҳам узун захира ўриндиғи ва катта мақсадлар учун кураш тажрибасига эга. Рождество атрофидаги зич тақвим «Астон Вилла» учун ҳақиқий синов бўлади: агар Эмери шогирдлари шу оралиқда очколарни сочиб юбормаса ва январда таркибни кучайтира олса, чемпионлик янада яқин кўринади. «Арсенал»дан сафарда ютқазилган ўйиндан кейин ҳам «Астон Вилла»ни ҳисобдан чиқаришга эрта: олти очко — критик масофа эмас, олдинда мавсумнинг катта қисми бор. Ўн йил аввал «Лестер» ресурслари унча катта бўлмаган ҳолда сенсация қилганди — нега буни Эмери бошчилигидаги «Астон Вилла» такрорламасин?