Қирғизистондан Ўзбекистонга шакар импорти 39 фоизга ошди
Қирғизистон 2025 йилнинг январ–октабр ойларида Ўзбекистонга 17,6 минг тонна шакар етказиб берган. Тазабек хабарига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга юқори. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Етказиб беришларнинг қиймати ҳам сезиларли ошган: бир йил ичида экспорт тушуми 8,7 млн доллардан 12 млн долларгача кўтарилган.
Қирғизистон шу даврда шакарни бошқа йўналишларга ҳам жўнатган — Тожикистонга 108 тонна, Афғонистонга эса 15 тонна маҳсулот етказилган.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг ноябр ойи бошига келиб мамлакатда озиқ-овқат импорти 3,5 млрд доллардан ошган. Йиллик ўсиш 18 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, 2025 йилнинг дастлабки ўн ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси 787,3 млн долларга етган. 2024 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 674,4 млн доллар бўлган.