Анжелина Жоли Рафаҳда: Ғазо аҳолиси учун инсонпарварлик даъвати
Голливуд юлдузи Анжелина Жоли инсонпарварлик миссияси доирасида Миср ва Ғазо сектори ўртасида жойлашган Рафаҳ назорат-ўтиш пунктига ташриф буюрди.
Мисрнинг Al-Youm as-Sabia ахборот портали маълум қилишича, ташриф давомида актриса Шимолий Синай губернатори Холид Муғавҳир билан учрашув ўтказган. Шунингдек, у Ғазо аҳолиси учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамлари сақланаётган Миср Қизил Ярим Ой Жамияти омборларини ҳам кўздан кечирган.
Анжелина Жоли сафари чоғида Ғазо секторидан эвакуация қилинган ва ҳозирда Мисрнинг Эл-Ариш шаҳрида даволанаётган ярадор фаластинликларни ҳам зиёрат қилди. У халқаро жамоатчиликни анклавга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб бериш ҳажмини оширишга чақириб, Мисрнинг Ғазодаги фаластинликларга кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Актрисанинг мазкур ташрифи Ғазода юзага келган оғир инсонпарварлик вазиятига яна бир бор жамоатчилик эътиборини қаратди.