Фарғонада яширин крипто-биржа очган 4 нафар шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматига кўра, криптовалютанинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Ички ишлар ходимлари ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида криптовалютани ноқонуний айирбошлаш билан шуғулланган тўрт нафар фуқарони қўлга олди. Гумонланувчилар ижарага олинган хонадонда фаолият юритиб, бошқаларга расмийлаштирилган банк пластик карталаридан фойдалангани айтилмоқда.
Тинтув давомида турли банкларга тегишли 24 та пластик карта, мобил телефонлар ҳамда криптоайирбошлаш амалиётларида ишлатилган бошқа қурилмалар аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки терговолди текшируви олиб борилмоқда.