2025 йилда доллар курси қандай ўзгарди
2025 йил бошида иқтисодчилар АҚШ валютаси кескин қимматлашишини кутган эди, бироқ йил якунига келиб вазият бунинг тескариси бўлди. Kursiv Uzbekistan йил давомида доллар курси қандай ўзгарганини кўриб чиқди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Йилнинг илк кунида — 1 январда — 1 доллар 12 915,18 сўмга тенг бўлиб, бир кун ичида 10,27 сўмга қимматлаган. Февраль бошида курс 12 975,05 сўмга чиқиб, яна 18,04 сўм қўшди.
Март ойида тренд ўзгарди: ой бошида доллар 12 890,07 сўмгача арзонлади. Апрелда курс яна юқорилаб 12 937,16 сўмга етди, аммо май бошида доллар қайта кучсизланиб 12 920,16 сўмгача тушди.
Июнь бошида курс 12 790,43 сўмни ташкил этди — бу йил давомида кузатилган энг паст кўрсаткичлардан бири. Пасайиш ёз ойларида ҳам давом этди: июль бошида доллар 12 694,97 сўм бўлса, август бошида 12 692,42 сўм атрофида қайд этилди.
Сентябрда тушиш янада тезлашди ва курс 12 422,90 сўмгача пасайди. Октябрь бошида доллар янада арзонлаб 12 067,76 сўмни кўрсатди, ноябрь бошида эса 12 005,09 сўмга тенг бўлди.
Декабрда қисқа муддатли тикланиш аломатлари кузатилди: ой бошида курс 11 940,95 сўмгача кўтарилди. Йил якунида доллар яна бироз мустаҳкамланиб, декабрь охирида 12 025,33 сўмни ташкил этди.
Умуман олганда, 2025 йил давомида доллар 879,58 сўмга арзонлади. Йил бўйи асосан пасайиш тенденсияси устун бўлиб, якуний кўрсаткич йил бошидаги даражадан сезиларли паст чиқди.