«Реал»нинг ёзги трансферлар учун асосий мақсадлари маълум бўлди
Мадриднинг «Реал» клуби келаси ёзги трансфер ойнасида жамоанинг ўрта чизиғини жиддий тарзда мустаҳкамлашни мақсад қилган. AS нашри тарқатган маълумотларга кўра, «қироллик клуби» раҳбариятининг асосий эътибори ҳозирда Нидерландиянинг «АЗ» жамоасида порлаётган 19 ёшли яримҳимоячи Кес Смитга қаратилган.
Ёш футболчи мавсум якунидан сўнг фаолиятини юқори савиядаги гранд клубда давом эттиришга қарши эмаслигини билдирган. Шу боис «Реал» уни айнан ёзда ўз сафига қўшиб олиш устида иш олиб бормоқчи. Манбаларга кўра, ушбу трансфер учун талаб қилинаётган сумма 60 миллион евродан ҳам ошиб кетиши мумкин.
Шу билан бирга, «Кристал Пэлас» яримҳимоячиси Адам Уортон мадридликларнинг қисқа рўйхатига киритилмагани қайд этилмоқда. Аммо «ПСЖ» сафида тўп сураётган Витиняга бўлган қизиқиш ҳали ҳам сақланиб қолган. Бироқ бу битимни амалга ошириш осон кечмаслиги таъкидланмоқда.
Қўшимча қилиб ўтиш жоиз, аввалроқ «Реал» 2026 йил ёзида ўз тарбияланувчиси Николас Пасни «Комо» жамоасидан 9 миллион евролик қайта сотиб олиш банди орқали ортга қайтариши деярли аниқ экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу эса мадридликларнинг келажак учун яримҳимояда кенг режалар тузиб қўйганидан далолат беради.