Семеньо «Манчестер Сити»га жуда яқин: трансфер 48 соат ичида...
«Манчестер Сити» клуби «Борнмут» вингери Антуан Семеньони ўз сафига қўшиб олишга жуда яқин турибди. Инсайдер Бен Жейкобснинг хабар беришича, клублар ўртасидаги музокаралар якунланиш арафасида ва трансфер расман кейинги 48 соат ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
Манбага кўра, 25 ёшли ганалик футболчи «шаҳарликлар» билан шахсий шартнома шартларини аллақачон тўлиқ келишиб олган. Энди асосий масала — «Борнмут» ва «Сити» ўртасидаги сўнгги расмий келишувларни ҳал этишдан иборат.
Шу билан бирга, «Борнмут» раҳбарияти Семеньо эртага «Челси»га қарши баҳсда майдонга тушишига умид қилмоқда. Кутилмоқдаки, ушбу ўйин вингер учун жамоа сафидаги хайрлашув баҳсига айланиши мумкин.
Антуан Семеньо жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида юқори самара кўрсатиб келяпти. У 17 та учрашувда иштирок этиб, 9 та гол урди ва 3 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Унинг тезлиги, кучли дриблинги ва ҳужумдаги фаоллиги Хосеп Гвардиола жамоаси услубига мос келиши таъкидланмоқда.
Агар трансфер амалга ошса, Семеньо «Манчестер Сити»нинг ҳужум чизиғини янада кучайтириб, чемпионлик учун курашда жамоага қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.