Bitcoin рекорддан қулади: бозорда қўрқув кучаймоқдами?
Йил якунига яқинлашар экан, дунёдаги энг машҳур криптовалюта — Bitcoin яна бир бор инвесторларни жиддий ўйга солди. Октябр ойи бошида 126 минг доллардан ошиб, тарихий максимумни янгилаган рақамли актив декабрь ойига келиб 84–85 минг доллар атрофигача пасайди. Бу эса криптобозордаги кайфиятни кескин ўзгартирди ва «бу фақат тузатишми ёки катта қулашнинг бошланишими?» деган саволни кун тартибига олиб чиқди.
Рекорд ўсиш ортидан совуқ душ
Bitcoin юқори хатарли актив экани яна бир бор тасдиқланди. Қисқа вақт ичидаги кескин ўсишдан кейин шунчаки шиддатли пасайиш кузатилди. Мутахассислар бу ҳолатни қисман техник коррекция, яъни табиий бозор тузатиши билан изоҳламоқда. Чунки йил бошидан ҳисоблаганда, криптовалюта умумий ҳисобда унчалик катта йўқотишга учрамади.
Бироқ муаммо фақат техник омиллар билан чекланмади. Сўнгги ойларда Bitcoin’нинг глобал ликвидликка боғлиқлиги янада яққол намоён бўлди. Яъни дунё молия тизимида «арзон пул» кўп бўлган пайтда криптоактивлар ўсади, пул қисқарганда эса босим остида қолади. Август ойидан кейин эса айнан шу ликвидлик қисқара бошлади.
Қатъий пул сиёсати ва инвесторлар хавотири
АҚШдаги пул-кредит сиёсати ҳам бозорга жиддий таъсир ўтказди. АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб туриши ортидан хатарли активларга қизиқиш пасайди. Бу ҳолат Доналд Трамп томонидан ҳам бир неча бор танқид қилинди — у регуляторни иқтисодиётни секинлаштираётгани учун айблади. ФЗТ раҳбари Жером Пауэл эса инфляция хавфини асосий устувор деб ҳисобламоқда.
Ноябр ойи ўртасида инвесторлар оммавий равишда хатарли активлардан чиқиб, олтин, ишончли давлат облигациялари каби «тинч бандаргоҳ»ларга ўта бошлади. Бу Bitcoin учун навбатдаги зарба бўлди.
Йирик ўйинчилар ҳам кутув режимида
Бозордаги беқарорлик ҳатто энг йирик корпоратив инвесторларни ҳам эҳтиёткорликка ундамоқда. Масалан, Bitcoin’нинг энг катта корпоратив эгалари қаторида турган Strategy Inc сўнгги ҳафталарда криптовалюта харидини тўхтатиб, нақд пул захираларини оширишни афзал кўрди. Бу эса бозор иштирокчилари томонидан «янада арзон нархлар кутиляптими?» деган савол билан қабул қилинди.
Айни пайтда айрим компаниялар ва хусусий инвесторлар катта йўқотишларга дуч келмоқда. Британия компанияларининггина йиллик зарари ўнлаб миллион фунт стерлингга етгани қайд этилмоқда. Coinglass маълумотларига кўра, жорий йил Bitcoin учун сўнгги етти йилдаги энг омадсиз даврлардан бири бўлиши мумкин.
Олдинда нима кутяпти?
Таҳлилчилар фикри иккига бўлинган. Айрим экспертлар талаб сусайиши ва бозорда «айиқ» тренди кучайишини айтиб, яқин ойларда Bitcoin 70 минг, ҳатто 56 минг долларгача тушишини истисно қилмаяпти. Бошқалар эса аксинча, фоиз ставкалари пасайиши ва ETF орқали институционал сармоялар оқими давом этса, нарх яна 120–170 минг доллар оралиғига қайтиши мумкин, деб ҳисоблайди.
2026 йил умидлари
Мутахассислар фикрича, 2026 йилда вазият ўзгариши эҳтимоли бор. ФЗТ раҳбариятидаги ўзгаришлар, фоиз ставкаларининг пасайиши ва АҚШдаги сиёсий жараёнлар иқтисодий рағбатлантиришни кучайтириши мумкин. Бу эса Bitcoin ва бошқа хатарли активлар учун навбатдаги қўллаб-қувватловчи омилга айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Хулоса шуки, Bitcoin яна бир бор ўзининг ноаниқ ва юқори хатарли табиатини намоён қилди. Қисқа муддатли тебранишлар давом этади, аммо узоқ истиқболда криптовалюта тақдири ҳануз глобал молиявий сиёсат ва инвесторлар ишончига боғлиқ бўлиб қолмоқда.