Ўзбекистонда олтин нархи бир йил ичида 49 бор ошиб 8,9 млн сўмга етди
Ўзбекистонда олтин нархлари кетма-кет рекордларни янгилашда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён олтин қиймати 49 марта қимматлашган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
29 декабр ҳолатига 5 граммли олтин қуйма нархи 8,9 млн сўмдан ошган. 10 граммли қуйма 17,9 млн сўмга етган.
Шунингдек, 20 ва 50 граммли қуймалар мос равишда 35,8 млн ва 89,6 млн сўмгача кўтарилган. 100 граммли олтин қуйма эса 179,2 млн сўмни ташкил этган.
Ўтган ҳафта, 22 декабр куни жаҳон бозорида олтин илк бор бир унсия учун 4,4 минг доллардан юқори баҳоланди. Reuters ёзишича, бу ўсиш АҚШда фоиз ставкалари пасайиши кутилаётгани ва ҳимоя активларига талаб кучайгани билан изоҳланади.
Агентлик ҳисоб-китобига кўра, йил бошидан бери олтин 67% га қимматлаган. Нарх тарихда илк бор бир унсия учун 3 минг ва 4 минг доллар чегараларидан ошиб, 1979 йилдан бери кузатилган энг кучли йиллик ўсишлардан бири бўлиши мумкин.