«Манчестер Сити» ва «Реал» ўртасида кутилмаган трансфер сценарийси...
Европа футболида қишки трансферлар ойнаси яқинлашар экан, икки улкан клуб — "Манчестер Сити" ва "Реал" ўртасида қизиқарли ҳамкорлик эҳтимоли муҳокама марказига чиқди. Мадридликлар жамоа ҳимоя чизиғида юзага келган жиддий муаммоларни тезкор ҳал этиш учун турли вариантларни кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ “Қироллик клуби” жароҳатлар туфайли юзага келган инқироздан чиқиш йўли сифатида “шаҳарликлар” сафида захирада қолиб кетган иқтидорли ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ижарага олиш масаласини кўтарган эди. Бироқ мутахассислар фикрича, 21 ёшли футболчининг салоҳияти жуда юқори бўлгани сабабли “Манчестер Сити” уни осонгина қўйиб юборишга тайёр эмас.
Шу сабабли инглиз гранди мадридликларга муқобил вариантни таклиф қилмоқда. Гап тажрибали нидерландиялик ҳимоячи Натан Аке ҳақида кетмоқда. Унинг Пеп Гвардиола жамоасидаги келажаги ҳозирча ноаниқ. Айниқса, Нидерландия терма жамоаси мураббийлар штаби Акенинг 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун ундан мунтазам ўйин амалиёти талаб қилинмоқда.
Бу талабдан сўнг 30 ёшли ҳимоячи янги клуб қидиришга киришди ва “Манчестер Сити” уни январь ойи трансфер ойнасида сотувга қўйишга тайёр. Вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, “шаҳарликлар” Акенинг хизматларини “Реал”га таклиф этмоқда.
Бу ҳақда Defensa Central нашри хабар тарқатди. Манбага кўра, манчестерликлар тажрибали ҳимоячи учун 30 миллион евро атрофида маблағ ишлаб олишни мақсад қилган. Бироқ бу сумма “Қироллик клуби” раҳбариятини унчалик қониқтираётгани йўқ.
Чунки “Реал” ўзининг 2026 йилга мўлжалланган трансфер стратегиясида катта маош талаб қиладиган, ёши катта юлдузлардан кўра, жамоага узоқ муддат хизмат қила оладиган ёш ва истиқболли футболчиларга устувор аҳамият қаратмоқда.
Айни пайтда Акенинг тақдири атрофида яна бир жиддий рақиб пайдо бўлди. Мадридликларнинг ашаддий рақиби "Барселона" ҳам ҳимоя чизиғидаги муаммолар сабабли нидерландиялик ҳимоячига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Каталония клубида ҳам малакали ҳимоячилар етишмаслиги сезилмоқда.
Маълумот учун, Натан Аке 2020 йил ёзидан бери “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилиб келади. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнга қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати ҳозирда 18 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Қисқаси, қишки трансфер ойнаси яқинлашган сари “Реал”, “Манчестер Сити” ва “Барселона” ўртасидаги ушбу трансфер учбурчаги янада қизиб, мухлислар учун янги интригаларни тақдим этиши аниқ.